Давлатлараро муносабатларда мутлақо янги ташқи сиёсат формати юзага келди

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг Туркияга олий даражадаги ташрифи жуда катта аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг Туркияга олий даражадаги ташрифи жуда катта аҳамиятга эга.

Биринчидан, замонавий Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлатлараро муносабатларда мутлақо янги ташқи сиёсат формати – Олий даражадаги стратегик кенгаш юзага келди.

Агар тарихга назар солсак, Туркия биринчилардан бўлиб, яъни, 1991 йил 16 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган бўлса, 1992 йил 4 мартда дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ўзбекистон Республикасида биринчи элчихона очган давлат ҳам Туркия ҳисобланади.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 110дан ортиқ ҳужжатлар ташкил этади.

Улар орасида 1996 йилда имзоланган Абадий дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги шартнома, 2017 йил 25 октябрдаги ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига кўтарган қўшма баёнот алоҳида аҳамият касб этади.

Агар 2016 йилга қадар олий ва юқори даражадаги учрашувлари сони 13 та бўлган бўлса, (муқаддам Туркияда президент ва бош вазир институтлари мавжуд эди), охирги уч йилда давлатларимиз раҳбарлари икки томонлама ташрифлар ва халқаро форумлар доирасида саккиз маротаба учрашгани республикамизнинг ташқи сиёсий фаоллиги ниҳоятда ортганини яна бир бор кўрсатади. Мазкур учрашувлар ўзаро алоқалар динамикасига ижобий таъсир кўрсатди: бир-бирини тўғри англаш, ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорликка бўлган интилиш анчайин кучайди.

Айтиш жоизки, икки мамлакат етакчилари ўртасида ўзаро ҳурмат ва биродарлик тамойилларига асосланган яқин дўстлик ришталари ўрнатилгани сиёсий мулоқотлар жадаллашиши учун муҳим қадам бўлмоқда.

Бундан ташқари, ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар ҳам мунтазамлик касб этмоқда.

Мисол тариқасида, 2019 йил 5-6 августда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Анқарада Стратегияни режалаштириш гуруҳининг биринчи учрашувида иштирокини келтириш мумкин.

2019 йил октябрь ойида эса Боку шаҳрида Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўлақонли аъзо бўлиб қўшилгани Туркия билан мазкур ташкилот доирасида ҳам кўп томонлама шерикликни чуқурлаштиришга мустаҳкам замин яратди.

Мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга қўшилиши, бир томондан, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар, хусусан, Туркия билан ўзаро алоқаларни янада жонлашувига, иккинчи томондан эса ушбу ташкилотнинг халқаро нуфузи ва обрў эътиборининг янада юксалишига туртки бўлди.

Бу борада яқинда Сенат раиси Танзила Норбаеванинг Боку шаҳрида Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафа Шентоп билан мулоқотда бўлгани, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясига аъзо бўлиб кириш масаласини кўриб чиқилаётгани ҳам катта аҳамиятга эга.

Замонавий халқаро муносабатларда парламент дипломатиясининг ўрни ва роли тобора ўсиб бораётган ҳозирги бир шароитда мазкур муҳим қадам аъзо давлатлар халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, табиий.

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлигимиз тобора фаоллашиб, халқаро ташкилотлар доирасида бир-биримизни қўллаб-қувватлаш амалиёти кучаймоқда.

Бу омил у ёки бу масалага нисбатан давлатлар тутган сиёсий позицияларни яқинлаштириш, умумий ташаббусларни илгари суриш ҳамда истиқболли ҳамкорлик режаларини тузиш имконини беради.

Хусусан, халқаро майдонда Ўзбекистон илгари сураётган ва расмий Анқара томонидан тўла маъқулланаётган Ёшлар ҳуқуқлари конвенцияси Туркиянинг Истанбул шаҳрида БМТнинг Ёшлар марказини тузиш таклифига ҳамоҳангдир.

Умуман олганда, ушбу учрашувга пухта тайёргарлик кўрилгани, ташриф давомидаги музокараларнинг жуда сермаҳсул ўтгани ва кун тартибининг бойлиги билан ҳам изоҳланади.

Матбуот анжуманида президентлар ҳозирда ўзаро савдо айланмаси ҳажми 2,5 миллиард долларга етгани ва уни яқин истиқболда 5 миллиард долларга етказиш учун барча салоҳиятлар ва ресурслар мавжудлигини қайд этдилар. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари мазкур рақамлар биз учун чегара эмаслигини алоҳида қайд этдилар.

Сиёсий, парламентлараро алоқалар, иқтисодиёт, савдо, транспорт, қурилиш, таълим, қишлоқ хўжалиги, кичик ва ўрта бизнес, тиббиёт, хавфсизлик ва ҳарбий-техникавий ва бошқа соҳаларда жадал ҳамкорлик ришталари ўрнатилгани бугунги кунда Стратегик кенгаш фаолиятини йўлга қўйишга олиб келди.

Шу нуқтаи назардан ушбу ташрифни халқларимиз муносабатларида тарихий ташриф, деб атасак, асло муболаға бўлмайди. Якунланган Кенгашнинг ҳаётбахш натижалари шубҳасиз, кўп қардош халқнинг тинчлиги ва фаровонлигига хизмат қилади.

Бинобарин, стратегик шерикликнинг янги босқичи нафақат Ўзбекистон ва Туркия орасидаги, балки улар жойлашган икки геосиёсий муҳим минтақадаги давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириши, шубҳасиз.