Ўзбекистон – Беларусь агрофоруми доирасида муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда

Бугун, 25 февраль куни Тошкент шаҳрида иш бошлаган Ўзбекистон – Беларусь агрофорумида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Белгоспищепром” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Бугун, 25 февраль куни Тошкент шаҳрида иш бошлаган Ўзбекистон – Беларусь агрофорумида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Белгоспищепром” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Бу ҳақда тадбирнинг очилиш маросимида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси бошқарув раиси ўринбосари Абдумалик Абдуллаев маълум қилди.
 
Бугунги кунда мамлакатимизда 12 мингга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. Мазкур корхоналар ички бозорни таъминлаш билан бир қаторда ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаради. “Ўзбекозиқовқатхолдинг“ компанияси соҳага инвестицияларни жалб қилиш, экспорт масалаларида чуқур маркетинг тадқиқотлари олиб бориш, янги ташқи бозорларни излаш орқали миллий озиқ-овқат саноатинини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
 
Форумда компания таркибидаги “Чортоқ”, “Агромир”, “Марвин брендс”, “Интерсок” сингари 50 зиёд корхона қайта ишланган мева-сабзавотлар, табиий шарбатлар сингари маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
 
Тадбир доирасида В2В форматидаги музокаралар ташкил этилиши кўзда тутилган. Унинг якунида томонлар ўртасида муҳим ҳужжатлар имзоланади. Хусусан, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Белгоспищепром” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.
 
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон – Беларусь агрофорумида меҳмон томонидан 80 дан ортиқ корхона ва ташкилотдан 150 вакил иштирок этмоқда. Ўзбекистонлик иштирокчилар сони 600 кишини ташкил этади.
 
Форумнинг кўргазма экспозициясида Беларусь ва Ўзбекистондан 60 корхона экспорт имкониятларини намойиш этмоқда. Асосий эътибор қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, наслдор чорвачилик ҳамда сут-товар фермалари, сабзавот омборлари ва қайта ишлаб чиқаришни лойиҳалаштириш ва қуриш соҳаларидаги илғор ишланмаларга, гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, энергия ва ресурсларни тежамкорлик борасида тажриба алмашишга қаратилган. Озиқ-овқат саноати корхоналари ўзларининг истиқболли экспортбоп маҳсулотларини тақдим этмоқда.
ЎзА